dba852164a7d88e256cce

Туғма юрак нуқсонидан азият чекаётган болалар. Уларнинг сони — 2 минг нафар. Барчаси ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 18 ёшгача бўлган фарзандлари.

Ана шу ўғил-қизлар жами 64 миллиард сўмдан зиёд маблағ эвазига навбатсиз, имтиёзли йўлланмасиз, энг малакали шифокорлар томонидан юқори технологик операциялар орқали оғир дарддан халос бўлмоқда.

Президентимизнинг шундай оғир касалликларга чалинган минглаб беморларда мураккаб операцияларни ўтказиш бўйича берган топшириғи асосида бошланган кенг кўламли акция доирасида академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази, Болалар миллий тиббиёт маркази, Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникаси, Самарқанд, Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятлари болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари ҳамда Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Урганч филиалида қатор мураккаб амалиётлар бошлаб юборилди.

Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази — кунига 30 дан ортиқ жарроҳлик операцияларини ўтказиш қувватига эга йирик мажмуа. Режага кўра, туғма юрак нуқсони билан туғилган 2000 нафар боланинг 500 нафари айни шу муассасада оғир дарддан халос бўлади.

—  Ҳозирда Тошкент шаҳри ва вилояти, шунингдек Қорақалпоғистондан келган 120 нафардан ортиқ болажон операция олди текширувларидан ўтказилмоқда, — дейди марказ бўлим бошлиғи, тиббиёт фанлари доктори Ҳакимжон Абролов. — Саноқли кунлар ичида болаларда туғма юрак нуқсонларини бартараф этиш бўйича ўтказилган амалиётлар 15 тадан ошди.

Бу турдаги очиқ усулда бажариладиган юқори технологик амалиётлар узоқ вақт давом этади. Шу боис бир кунда 3-4 та операция ўтказиш имконимиз бор. Самарадорликни ошириш мақсадида марказимиз 6 кунлик иш тартибига ўтди.

Қорақалпоғистоннинг Тахиатошидан келган 11 ёшли Айнур Науризбаева ҳам амалиёт арафасида. У туғилганидан бери туғма юрак нуқсони билан яшаб келаётган эди. Амалиётдан олдин Айнурнинг операциясига бошчилик қилаётган хирург Умид Муратовга мурожаат қилдик:

— Бу беморга “Туғма юрак нуқсони. Бўлмачалараро девор дефекти. Ўпка артерияси стенози” ташхиси қўйилган, — дейди тиббиёт фанлари номзоди. —Айнурда бўлмачалараро юрак дефектини тикиш ва ўпка артерияси қисилишини бартараф этиш амалиётини бажарамиз. Одатда бундай операциялар 30-35 миллион сўмга баҳоланади. Чет элда эса бу қиймат янада юқори. Ушбу маблағни тўлашга ҳамманинг ҳам имкони етавермайди. Оқибатда юрагида нуқсон билан туғилган болажонлар узоқ йиллар, ҳатто, вояга етгунига қадар оғир дарддан азият чекиб юраверади. Айнур ҳам, мана, 11 йил деганда касалликдан халос бўлиш арафасида.

Кегейлилик Ферида Айтмуратова ҳам Хирургия марказига фарзандидаги туғма юрак нуқсонини бартараф этиш учун келган.

— Оилавий поликлиникамиздан қўнғироқ бўлди, — дейди Ферида опа. — Айтишдики, давлатимиз томонидан юрак нуқсони бор болалар бепулга операция қилиб берилади. Тошкентга сизнинг қизингизни ҳам юборамиз, дейишди. Келганимиздан бизни ҳамма яхши кайфиятда кутиб олди. Қизимнинг операция кунини кутяпмиз. Болам шу дарддан халос бўлса, мендан бахтли она бўлмайди, дунёда.

Беморлар рўйхати тегишли ишчи гуруҳ, жойлардаги Халқ қабулхоналари, маҳалла фаоллари иштирокида, хонадонма-хонадон ўрганишлар натижасида адолатли тарзда шакллантирилди.

Бундай очиқ усулдаги мураккаб амалиётлардан сўнг бемор болалар учун интенсив терапия талаб қилинади. Операциядан кейинги реабилитация 7-10 кунни ташкил қилади. Шундан сўнг болажонлар яна ўз оилалари бағрига қайтишлари мумкин.

Айни кунларда академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази каби юртимиздаги жами 8 та тиббиёт муассасасида бундай амалиётлар давом этмоқда. Барча дори-дармонлар, тиббий сарфлов материаллари давлат маблағлари ҳисобидан қоплаб бериляпти.

Ушбу акциянинг иккинчи босқичида катта ёшли беморларда ҳам юқори технологик операциялар ўтказилиши белгиланган. Бунинг учун 22 миллиард сўм маблағ ажратилди. Бундай кенг кўламли хирургик эстафетага старт берилиши минглаб оилалар шукронасига сабаб бўлиши, юзлаб хонадонларга қувонч олиб кириши, шубҳасиз.

Cоғлиқни сақлаш вазирлиги

Матбуот хизмати.