Шаҳноза Зуфарова,
Республика аҳоли репродуктив саломатлиги маркази директори, тиббиёт фанлари доктори:
— Магний — саломатлик учун ўта муҳим микроэлимент. У организмда энергия, оқсил, углевод ва ёғ алмашинувини таъминловчи ферментлар фаолиятини мувофиқлаштириб туради. Қолаверса, юрак ритмининг бузилиш хавфини камайтириши, томирларда қон ивишининг олдини олиши билан аҳамиятли.
Бу модда танқислиги кучли стресс, руҳий тушкунлик, бош айланиши ва оғриғи, сабабсиз ваҳима, сурункали чарчоқ, уйқу бузилиши, хотира сусайиши, меъда-ичак спазми, юрак уришининг тезлашиши, қон босими ошиши ёки тушиши, мушаклар тортишиши сингари белгилар билан намоён бўлади.
Организмнинг магнийга бўлган кунлик эҳтиёжи 300-350 миллиграммга тенг. Ҳомиладорлик ва бошқа ҳолатларда бу кўрсаткич янада ортиши табиий. Ушбу масса озиқ-овқат истеъмоли орқали олинади.
Ёнғоқ, гуруч, балиқ, жигар, пишлоқ, гречиха ёрмаси, кунжут, қовоқ, маккажўхори, бошоқли ва дуккаклилар, мева-сабзавотлар микроэлементнинг асосий манбаидир.
Бироқ сўнгги вақтларда «фасд-фуд», газли ичимликлар, шакар ва тузга бой ҳамда ярим тайёр маҳсулотлар овқатланиш рационимиздан кенг ўрин эгаллаётгани туфайли организм етарли миқдорда магнийдан баҳраманд бўлмаяпти.
Шунингдек, спиртли ичимликларига ружу қўйиш, чекиш каби зарарли иллатлар ҳам магний танқислигини келтириб чиқармоқда.
Магний етишмаслиги бириктирувчи ҳужайраларнинг кучсизланиши сингари оғир касалликларга олиб келиши мумкин. Бундай ҳолатда шифокор томонидан махсус дори препаратлари тавсия қилинади.
Аммо баъзи инсонлар магний танқислиги кузатилса, ўз билганича дори воситаларини ичишади. Тўғри, таркибида магний сақловчи препаратларнинг организмга ножўя таъсири аниқланмаган.
Бироқ шифокор кўригидан ўтмай туриб, дори-дармонларда истеъмол қилиш салбий асоратларга олиб келиши мумкин.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
